Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni
Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бюджет тушумларини таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди - O'zbekiston Respublikasining Buyuk Britaniya va Shimoliy Irlandiya Birlashgan Qirolligidagi elchixonasi

Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бюджет тушумларини таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди



“Пандемиядан кучли бўлиб чиқишнинг бирдан бир йўли – кичик бизнес ва тадбиркорликка қулай муҳит яратиш”, – деди Президент.

 Карантин талабларининг юмшатилиши натижасида корхоналар фаолияти тикланди. Бироқ 69 мингта тадбиркорнинг фаолиятини жонлантириш кераклиги таъкидланди.

 Жойлардаги раҳбарлар 9 ой якуни бўйича уларнинг камида 70 фоизини, йил якунига қадар тўлиқ қувват билан ишлашига масъул ва жавобгарлиги белгиланди.

 Президент бир-бирига зид бўлган карантин талабларини танқид қилди. Тадбиркорлар карантин қоидаларига амал қилишда санитария ва ёнғин хавфсизлиги идоралари томонидан тушунарсиз ва бир-бирига зид талабларга дуч келмоқда.

 Шу боис, тадбиркорларнинг мурожаатлари ва таклифлари асосида жорий тартибларни қайта кўриб чиқиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тушунарли шаклда аҳолига етказиш топшириғи берилди.

Ўтган йилда рўйхатдан ўтган тадбиркорларнинг, яъни, янги бизнес субъектларининг 23 мингтаси ёки 24 фоизи бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти. Масъул раҳбарлар улар билан мулоқот қилиши, тез фурсатларда уларни ишга тушириш чоралари кўрилиши белгиланди.

Фаолият бошлаётган кичик бизнесни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизимини ишлаб чиқилади. Бунда тадбиркорни махсус курсларда ўқитиш, субъектни рўйхатдан ўтказиш, асбоб-ускуна сотиб олиш харажатларининг бир қисмига грант ажратиш назарда тутилади.

 Ушбу тизимнинг вертикал ижросини таъминлаш учун ҳозирда фақат республика даражасида фаолият юритаётган Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ишини тумангача тушириш лозимлиги қайд этилди.

Хизмат кўрсатишни ривожлантириш учун энг қулай, кўп ва юқори даромадли иш жойлари ташкил этиш мумкин бўлган 31 та ўрта шаҳарларни хизмат кўрсатиш марказларига айлантириш топшириғи берилди.

 Кейинги йилларда солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ чоралар кўрилиши натижасида бизнес ихтиёрида 2019 йилда 12 триллион сўм қолди, 2020 йилда яна 11 триллион сўм маблағ қолиши кутилмоқда.

Энди янги вазифа, яъни, “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизимини йўлга қўйиш топшириғи берилди.

1 июлдан бошлаб илк маротаба тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш механизми амалга киритилди. Ушбу янгилик орқали жорий йилнинг биргина учинчи чорагида тадбиркорларга 700 миллиард сўмни айланма маблағ сифатида ўзида қолдириш имконияти яратилмоқда.

Президент жойларда ҳалигача тадбиркорларга ер ва бино-иншоотлар ажратишда кўплаб тўсиқлар мавжудлигини кўрсатиб ўтди. Буларни очиқ савдога, электрон аукционга чиқариш жараёнларини жонлантириш вазифаси қўйилди.

 “Соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши керак, телевидение ва ижтимоий тармоқларда буни кенг ёритиб бориш зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.

 Президент камида 257 минг нафар муҳтож оилалар вакилларини ишга жойлаштириш, 37 мингта хонадонга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ажратиш зарурлигини қайд этди.

 Эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаштириш кўрсаткичи энг паст секторларнинг 6 нафар раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди. Булар – Фарғона тумани ҳокими Носиров, Яккабоғ тумани прокурори Мустафаев, Ғузор ва Чортоқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари Рахмонов ва Абдурайимов, Муборак тумани ва Қўқон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқлари Темиров ва Турдиқулов.

7 нафар раҳбарга нисбатан охирги огоҳлантириш сифатида “ҳайфсан” эълон қилинди. Булар – Шўрчи тумани ҳокими Худайберганов, Каттақўрғон, Косон ва Пайариқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари Отамуродов, Отакулов ва Шермухамедов, Нарпай, Ғаллаорол туманлари ва Гулистон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқлари Деҳқонов, Мамаев ва Раджабов.