Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Буюк Британияда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан мулоқат ўтказди - O'zbekiston Respublikasining Buyuk Britaniya va Shimoliy Irlandiya Birlashgan Qirolligidagi elchixonasi

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Буюк Британияда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан мулоқат ўтказди


Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Элчихона биносида Буюк Британияда таълим олаётган 50 дан ортиқ Ўзбекистонлик талабалар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда видео алоқа орқали Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси (ЎЁУА) раҳбарияти ва вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш давомида 2017-2019 йилларда ЎЁУА томонидан Ўзбекистонда ва хорижда амалга оширилган тадбирлар, Ассосиациянинг чет элда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти бўйича атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, Ассосиация томонидан хориждаги ватандошлар иштирокида видеоалоқа шаклида 2020 йилда ўтказилиши режалаштирилган “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси волонтёри”, “Ёш инноватор”, “Тинчлик учун ҳайрия”, “Life Abroad”, “Ёш ватандошлар ҳалқаро фестивали” каби тадбирларда Буюк Британияда таълим олаётган талабаларнинг иштироки масаласи муҳокама қилинди.

Тадбир давомида Буюк Британияда таълимни якунлагач, Ўзбекистонда давлат ташкилотлари ва хусусий секторга ишга жойлашиш масаласи буйича талабаларни қизиқтирган ечим ва бу борада уларга тегишли ахборот берилди.

Шунигдек, тадбир кун тартибида Буюк Британия университетлари томонидан тақдим этилган дипломларни Ўзбекистонда нострификация қилиш масаласи муҳокама қилинди. 

Буюк Британия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, талабалар томонидан ҳар йилги таътил давомида уларнинг ўз йўналишлари бўйича Ўзбекистоннинг вазирлик ва идораларида тажриба алмашинувларини ташкил этиш таклифи киритилди ва Ассосиациядан мазкур масалада кўмак бериш сўралди.

Ассосиациянинг таклифига кўра, Буюк Британияда таълим олаётган Ўзбекистонлик талабалар билан доимий алоқани таъминлаш ҳамда улар иштирокида табдирлар ташкил этиш мақсадида University of Law талабаси Садржаҳон Ҳасанов ЎЁУАнинг Лондондаги расмий вакили – мувофиқлаштиручиси этиб сайланди.

Тадбир якунида Элчихона томонидан йиғилган талабаларга жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар, уларнинг республика ҳаётида қанчалик долзарблиги, аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилиши борасида, ҳамда мамлакат тарихида биринчи маротаба қабул қилинган “Сайлов тўғрисида” ги Кодекс асосида ташкил этиладиган парламент сайловларида иштирок этиш тартиб-қоидалари, сайловчи сифатида рўйхатдан ўтиш, сайловчиларининг ҳуқуқлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ватандошлар